Термиз шаҳрида Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Тошкент давлат педагогика университети филиаллари очилади. Бу ҳақда Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов маълум қилди.
Тошқуловнинг сўзларига кўра, олийгоҳларнинг Термиздаги филиаллари Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилмоқда.
ЎзА хабарига кўра, Президентнинг 20 январь куни Термиздаги «Амударё» болалар оромгоҳига ташрифи чоғида мазкур олийгоҳларни ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтган.
«Сурхондарёдаги олийгоҳлар сони бир йилда биттадан бештага етди», — деб қўшимча қилади ТерДУ ректори.
Маълумот учун, 2017 йил давомида Термизда Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент давлат техника университетларининг филиаллари ташкил этилган эди.
Бунгача вилоятда фақат битта олий таълим муассасаси — Термиз давлат университети фаолият кўрсатган. Қайд этиш жоиз, ушбу университет сўнгги йилларда абитуриентлардан аризалар қабул қилиш бўйича Ўзбекистонда етакчи саналади.
Изоҳ (0)