Туркия қуролли кучлари Суриянинг Африн минтақасидаги қуролланган курд бўлинмаларига қарши қуруқликдаги ҳарбий операцияни амалда бошлади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон маълум қилди, дея хабар бермоқда «РБК».
«Африндаги аксилтеррор операцияси амалда бошланиб бўлди», — деди Эрдўғон Туркиянинг Кутаҳя вилоятидаги чиқиши чоғида. Туркия Африндаги курд бўлинмаларини террорчилар деб ҳисоблайди.
Эрдўғоннинг қўшимча қилишича, Африндаги операция якунига етиши билан, Туркия Суриянинг Манбиж минтақасида ҳарбий ҳаракатларни бошлайди.
Африндаги операция амалда бошланиб бўлгани ҳақида 19 январь куни Туркия мудофаа вазири Нуритдин Жаникли маълум қилган эди. У Туркия қуролли кучларининг тўлақонли жанговар ҳаракатлари айнан қачон бошланишини айтишдан бош тортган эди.
Изоҳ (0)