«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Ўзбекистон: жамоатчилик фикри – 2017» социологик тадқиқотини ўтказди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тадқиқотни ўтказиш жараёнида ўзбекистонликларнинг мамлакат ва жамият ҳаётининг турли тармоқлари ва соҳаларида юз бераётган ўзгаришларга муносабати аниқланди, фуқаролар томонидан вилоятлар, минтақалар ва умуман мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳволга баҳо берилди, шунингдек, мамлакатда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да эришилган натижалардан аҳолининг қониққанлик даражаси аниқланди. Фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 94,9%и мамлакатдаги жорий ижтимоий-иқтисодий аҳволни барқарор, деб баҳолайди.
Фуқаролар олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат мамлакатнинг янада иқтисодий ўсишига, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишига, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг кўпайишига, аҳоли даромадлари ва фаровонлигининг ошишига, жаҳон жамоатчилиги ўртасида мамлакат обрўсининг ўсишига ёрдам беришига ишонади.
«Ўзбекистон: жамоатчилик фикри» социологик тадқиқоти 1998 йилдан бери доимий мониторинг тартибида ўтказиб келинмоқда. Ушбу ахборот-таҳлилий маърузада мамлакатда ўтказилаётган демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар доирасида 2015—2017 йиллардаги жамоатчилик фикри сўровларининг қиёсий натижалари ва якуний кўрсаткичлари тақдим этилган.
Изоҳ (0)