Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри полицияси бир нечта квартирани ўмаришда гумонлаб Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди, деб хабар берди Kazakhstan Today.
Жанубий Қозоғистон вилояти Ички ишлар департаментининг маълум қилишича, жорий йилнинг 16 январь санасида Чимкент шаҳри ИИБга 55 ёшли аёл ариза билан мурожаат қилган. Унинг айтишича, жабрланувчининг уйига кечаси ўғри тушган ва 20 минг тенгеси (салкам 500 минг сўм) билан бирга, 1000 Корея вонаси (7500 сўмга яқин) миқдоридаги пулларини ўмариб кетган. Гумонланувчи воқеа жойидан яширинишга ҳаракат қилган, бироқ маҳаллий аҳоли уни қўлга олиб, полицияга топширган.
Жиноятчи 1963 йилда туғилган, бундан олдин ҳам ўғрилик учун судланган Ўзбекистон фуқароси бўлиб чиқди. Унинг ёнидан далилий ашё сифатида жабрланувчининг пуллари топилган.
Тергов давомида қўлга олинган шахс Чимкентдаги 18 та квартирани ўмаригани аниқланган. Ўғрининг жабрланганларга етказган умумий зарари 2 миллион тенгега (50 миллион сўмга) яқин. Тергов ишлари ҳозирда ҳам давом этмоқда.
Изоҳ (0)