Қатар шайхи Абдулла бин Али ал-Таний видео эълон қилиб, уни Бирлашган Араб Амирликларида куч билан ушлаб туришганини эълон қилди, деб ёзади «Интерфакс».
БААдагилар айбловларни рад этмоқда. Абу-Даби таълим ва экстремизмга қарши курашиш департаменти раҳбари Али Рашид ал-Нуаймий Twitter’да шайх истаган жойига кетиши мумкинлигини ёзди.
Шайхнинг сўзларига кўра, уни Абу-Даби амирлиги валиаҳд шаҳзодаси Шайх Муҳаммад ушлаб турибди, меҳмоннинг тақдири учун «барча жавобгарлик айнан унинг зиммасида». Унинг аниқлик киритишича, у асирликда эмас, лекин ҳаракатланиши чекланган. Мурожаатдан асосий мақсад — ал-Танийнинг бошига келадиган эҳтимолий кўнгилсизликлар айбдорини маълум қилиш.
Абдулла бин Али ал-Таний ўтган йили саккизта араб мамлакати Қатар билан муносабатларни узиши билан боғлиқ дипломатик инқироз чоғида Саудия Арабистони билан музокараларда воситачилик қилган эди.
Изоҳ (0)