2018 йилнинг 15 январидан Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида аналог форматдаги теледастурлар эфири тўлиқ тўхтатилади. Бу ҳақда «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси «Дарё»га маълум қилди.
Республиканинг қолган ҳудудларида қачондан аналог форматдаги теледастурлар эфири тўхтатилиши муддатлари билан қуйида танишишингиз мумкин:
- Сирдарё вилоятида 15 апрелдан;
- Жиззах вилоятида 15 майдан;
- Самарқанд вилоятида 1 июндан;
- Бухоро вилоятида 15 июндан;
- Навоий вилоятида 15 июндан;
- Хоразм вилоятида 1 июлдан;
- Тошкент шаҳрида 15 июлдан;
- Қорақалпоғистон Республикасида 10 сентябрдан;
- Сурхондарё вилоятида 5 ноябрдан;
- Қашқадарё вилоятида 5 декабрдан.
Рақамли телевидение янги авлод телевидение узатиш тизими бўлиб, унинг жорий этилиши Республика бўйлаб янада кўпроқ теледастурларни (12 тадан 18 тагача телеканаллар дастурларини) узатиш имконини берди. Рақамли телевидениенинг аналог телевидениедан энг асосий фарқи, бу аввало тасвир сифатида кўзга яққол ташланади. Янги шаклдаги телевидениеда ташқи таъсирлар сезиларли даражада камайиб, тасвирнинг равшанлигига эришилган. Тасвир ва товуш ғоят тиниқ, ранглар ёрқин ва тасвирда ҳар бир детал аниқ акс этади.
Изоҳ (0)