Халқаро тиббиёт доираларида таниқли бўлган кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори Қаландар Бобожонов Ўзбекистонга қайтиб, ўзининг касб фаолиятини давом эттиришга қарор қилди, деб хабар беради UZ24.
Қаландар Бобожонов Украина тиббиёт фанлари академиясининг Н. Амосов номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги Миллий институтида бош маслаҳатчи бўлиб ишлайди.
«Президент Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги юртдошларимизни Ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшишга даъват этгани шифокорни шу қарорга келишига сабаб бўлди», — дейилади хабарда.
Қаландар Бобожонов Ўзбекистонда биринчи бўлиб Фонтен, Глен Биглен операциялари тажрибасини, мураккаб туғма юрак нуқсони ҳолатида артериал жарроҳлик, юрак-ишемик касаллиги бўлгани ҳолатида ишлаб турган юракда аортокоронар шунт ўрнатишни амалиётда қўллаган. У 2002 йили «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвонига сазовор бўлган. Олим ўзининг меҳнат фаолияти давомида Лусака (Замбия)даги университет шифохонасининг кардиожарроҳлик марказига асос солган.
Қаландар Бобожонов юрак патологияси билан боғлиқ 200 дан зиёд, турли патологиялар ҳолатида очиқ юракда ҳаммаси бўлиб 8000 операция ўтказган. Жумладан, митрал ва аортал клапанларни протезлаш, икки клапанли протезлаш, Фалло тетрадаси касаллиги ва бошқа мураккаб туғма нуқсонлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширган.
Кардиожарроҳ 1986 йили собиқ иттифоқ олий аттестация комиссияси қарорига биноан, юрак-қон томирлари жарроҳлиги бўйича тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини олган. 2004 йили эса Украина олий аттестация комиссияси қарорига биноан, юрак-қон томирлари жарроҳлиги бўйича тиббиёт фанлари доктори бўлган. У олти нафар фан номзодини ҳамда бир нафар фан докторини тайёрлаган.
Олим турли табобат нашрларида чоп этилган 271 илмий мақоланинг ҳамда «Болалар кардиожарроҳлигида анестезиологик таъминот ва интенсив терапия» номли монографиянинг муаллифи ҳисобланади.
Изоҳ (0)