Янги раҳбарият қўли остига ўтган Ўзбекистон футбол федерациясининг янги логотипини танлаб олиш бўйича сўровноманинг 1-босқичи ўз якунига етди. Навбат эса 2-босқичга етиб келди.
Сўровномада футбол мухлислари нафақат ЎФФ, балки янги ташкил этилаётган мамлакат Супер Лигаси ҳамда Про-Лигаси учун чизилган ишларга ҳам овоз бериши мумкин эди. Якунда ҳар уч йўналиш бўйича ғолиблар саралаб олинди.
40 мингга яқин футбол ишқибози иштирок этган сўровномада Дониёр Мамуржоновнинг қаламига мансуб ЎФФ логотипи 6 949 балл тўплади ва ғолиб бўлди. Супер Лига бўйича ишлар орасидан эса Бахтиёр Ишматов варианти энг кўп овоз йиғди — 4 308. Ва ниҳоят, Про-Лига версиясида Бахтиёр Ишматовнинг иши 4 777 балл олишга муваффақ бўлди.
Ishtirok.uz сайтида ўтказилган танлов ғолиблари Digital Panda компаниясининг офисида тантанали тақдирланади. Бироқ бу ҳали якуний қарор дегани эмас. Дизайнерлар шунчаки 1-босқични муваффақиятли якунлагани учунгина рағбатлантирилади. 2-босқичда эса иш жиддий кўриниш олади.
Эндиликда юқоридаги логотиплар қаторига халқаро дизайн агентликларининг иши ҳам қўшилади ва футбол мухлисларидан навбатдаги бор ўз танловларини кўрсатиш сўралади. Шундан сўнггина якуний ғолиблар аниқланади. «Дарё» нашрига маълум қилинишича, ғолибларни тақдирлаш маросими 15 январь куни бўлиб ўтади.
Овоз бериш жараёни www.ishtirok.uz сайтида давом этади. Савол билан мурожаат қилишни истовчилар +99871 231 80 80 телефон қарамига қўнғироқ қилиши мумкин. Шунингдек, Digital Panda’нинг Facebook саҳифасига ҳам маълумотлар жойлаштириб борилади: https://www.facebook.com/digitalpanda.uz/
Изоҳ (0)