Оғир атлетика бўйича Жаҳон Чемпионатида медалларга эга чиққан ўзбекистонлик спортчилар мамлакат ҳукумати томонидан рағбатлантирилади. Бу ҳақда «Оламспорт» нашри UzNews’га асосланиб маълумот берди.
Унда айтилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг Анахайм шаҳрида ўтган Жаҳон Чемпионатида совриндор бўлган оғир атлетикачиларни рағбатлантириш борасидаги фармонга имзо чеккан. Барча рақибларидан яхшироқ натижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритган Достон Ёқубовга 12 минг АҚШ доллари насиб қилади.
Чемпионатни кумуш медаль билан якунлаган Фарҳод Собиров ҳамда Иван Ефремовга 6 минг доллардан инъом этилади. Адҳамжон Эргашев эса қўлга киритган бронзаси учун 3 минг долларни ўзиники қилиб олади.
Ўзбекистон термаси АҚШ мезбонлигида ўтган Жаҳон Чемпионатини умумжамоа ҳисобида кучли учликда якунлаганди. Бундай марра мамлакат оғир атлетикаси тарихида илк бор забт этилди. Фақатгина Эрон ва Жанубий Корея атлетларигина Ўзбекистондан яхши натижа қайд эта олди холос.
Изоҳ (0)