Вьетнамнинг жанубий соҳилларига «Тембин» тайфуни ёпирилгани туфайли 650 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди, деб хабар беради «ТАСС».
Табиий офат оқибатлари билан курашиш бўйича миллий кооординация қўмитасининг маълум қилишича, 26 декабрь куни тунда «Тембин» мамлакат жанубидаги Меконг дарёси ҳудудига етиб боради.
Ҳозирги даврда жанубий провинциялар мансабдор шахслари маҳаллий аҳолини табиий офатдан ҳимоя қилиш учун ҳозирлик кўрмоқда. Кучли ёмғир Филиппин жанубидаги каби сув тошқинлари ва кўчкини келтириб чиқариши мумкин. Филиппинда «Тембин» тайфуни сўнгги бир неча кун ичида 200 кишининг ўлимига сабаб бўлди.
«Тембин» Вьетнамда мазкур мавсумда юз берган ўн олтинчи кучли тўфон ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг 11 ойи мобайнида Вьетнамда тайфунлар келтириб чиқарган сув тошқинлари оқибатида 390 киши ҳалок бўлди ва бедарак йўқолди, шунингдек 650 нафардан ортиқ киши жароҳат олди.
2017 йилда мамлакат табиий офатдан 2,3 миллиард доллар зарар кўрди.
Изоҳ (0)