Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғига асосан 2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда Қуръон мусобақасини ўтказиш белгилаб олинди, деб хабар беради идора матбуот хизмати.
Қуръон мусобақасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва Тошкент ислом университети талабаларидан ташқари, масжидлардаги имом-хатиблар, имом ноиблари ҳамда Қуръони карим қироати бўйича иқтидори бўлган 18—40 ёшдаги барча эркак ва аёл фуқаролар иштирок этиши мумкин.
Иштирокчилар ёшга кўра икки гуруҳга тақсимланади:
18—25 ёшдаги иштирокчилар;
25—40 ёшдаги иштирокчилар.
Мусобақанинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичлари, шунингдек, мазкур ўқув юртларидаги саралаш босқичи 2018 йилнинг бошидан март ойига қадар ҳамда буларнинг барчаси учун республика босқичи 2018 йил апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган.
«Аёл-қизлар ўртасидаги Қуръон мусобақаси ўзига хос, шарқона тартибларга риоя этилган ҳолда ўтказилиши таъминланади. Бунга вилоятлардаги вакилликлар қошида хизмат кўрсатаётган отин ойилар масъул қилинади», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон қорилари мусобақасини юқори савияда ўтказиш тўғрисида 18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгаши қарор қабул қилди ва ушбу мусобақа учун диний идора қошида махсус ҳайъат тузилди. Ушбу ҳайъат бутун Республика бўйлаб фаолият юритади.
Мусобақада иштирок этмоқчи бўлган ҳар бир фуқаро ўз вилоятидаги ЎМИ вакиллигига мурожаат қилиб, рўйхатдан ўтади. Рўйхатга олиш 2018 йил 1 январдан 10 январгача эрталаб соат 09:00 дан кечги соат 19:00 гача давом этади.
Изоҳ (0)