Chevrolet компанияси янгиланган Silverado пикапини намойиш этди, айни вақтда, автомобиль ҳақида батафсил ахборотни эълон қилгани йўқ. «Мотор»нинг ёзишича, пикапнинг тўлақонли тақдимоти келаси йил январида Детройтда бўлажак автосалонда ташкил этилади.
Автомобильнинг олд қисми, компания вакилларининг таърифи билан айтганда, «зўр ва замонавий» даражада ўзгарган. Silverado’да ёруғлик диодли олд асосий чироқлар ва янги радиатор панжараси пайдо бўлган. Орқа чироқлар ва зинапоя билан интеграция қилинган орқа бампер, шунингдек, катта қилиб Chevrolet ёзуви туширилган багаж бўлмаси қопқоғи ҳам ўзгарган.
Жамоатчиликка тақдим этилган илк суратлардаги автомобиль Trailbross модификациясига мансуб — бу 2019 йилги модель йилига доир Silverado’нинг саккиз модификациясидан биридир. Бу модификациянинг ўзига хослиги — клиренснинг (51 миллиметрга) катталиги ва радиатор панжараси, ғилдирак дисклари ва бамперларнинг қора рангда ишланганидадир.
Автомобильга қандай двигателлар ўрнатилиши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ. Эски Silverado’ларга ҳажми 4,3 литр, қуввати 285 от кучига тенг V6, ҳажми 5,3, 6,0 ва 6,2 литр, қуввати — мос равишда — 355, 360 ва 420 от кучига тенг V8 моторлар ўрнатиларди. Бундан ташқари, двигателлар қаторида 455 от кучилик 6.6 дизел юргизгич ҳам бор эди.
АҚШда эски авлод Silverado’ларининг нархи 28,2 минг доллардан бошланади.
Изоҳ (0)