Андижон вилоятининг Асака туманидаги уйда юз берган ёнғинда бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Вилоят ФВБ матбуот хизматига кўра, ёнғин ҳақида хабар 28 июль куни соат 18:21 да келиб тушган. Соат 18:26 да Ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб борган ва ёнғин соат 18:54 да батамом ўчирилган.
Вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, “Нематобод” МФЙда жойлашган ушбу уйда автомобилларга хизмат кўрсатиш шаҳобчаси ташкил этилган бўлган. Унда ишловчи С исмли шахс эхтиётсизлиги оқибатида ёнғин келиб чиққан. Ёнғин оқибатида у ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилиб, Асака туман ички ишлар бўлими томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бош прокуратура матбуот хизматининг билдиришича, ёнғин оқибатида бир нафар шахс вафот этганидан ташқари, яна бир киши оғир тан жароҳати олган. Шахобча ичида бўлган Labo автомашинаси тўлиқ ёниб кетган. Жиноят иши доирасида суд-тиббий, ёнғин сабаблари бўйича ёнғин-техникавий ва бошқа зарур экспертизалар тайинланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)