Mercedes-Benz’нинг YouTube’даги каналида қорда дрифт қилаётган Mercedes-Maybach G650 Landaulet очиқ йўлтанламасининг видеоси пайдо бўлди. «Мотор» хабарига кўра, автомобилни синовчи ҳайдовчи ҳамроҳлигида олмон телебошловчилари — Жан-Пьерр Крамер ва Маттиас Малмеди бошқарган.
Очиқ автомобиль Mercedes-Benz G500 4х4 базасида тайёрланган. Йўлтанламасга қуввати 630 от кучига, ҳажми 6 литр бўлган V12 твин-турбо мотор ўрнатилган. Автомобильнинг ғилдирак базаси оддий G-класс машиналаридан 578 миллиметрга каттароқ бўлиб, 3,4 метрга етади, клиренси эса 450 миллиметрга тенг.
Бундай Gelandewagen’нинг орқа қисми очиқ; очиқ орқа билан ёпиқ олд қисми пардевор билан ажратилган. Иккинчи ўриндиқ қатори йиғиладиган юмшоқ том билан ёпилади. Иккини қатор ўриндиқлари S-класс Mercedes’ларидаги каби — улар электр узатма ва массаж билан таъминланган.
«Майбах» йўлтанламаси чекланган тиражда — атиги 99 дона ишлаб чиқарилган. Бундай автомобилларнинг энг сўнггиси кимошди савдосида 1,2 миллион еврога сотилган эди. Қолганлари эса 630 минг евродан пулланган.
Изоҳ (0)