Наманганда фуқародан 30 минг доллар пора талаб қилган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

У 2025 йил январида 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумнинг ишини суд тизимидаги танишлари орқали судда қайта кўриб чиқиш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони тайинлашни ваъда қилган. ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда бош мутахассис олдиндан 10 минг долларни олган вақтида ушланган.
Мазкур мутахассис фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун муқаддам бир неча маротаба судланган.
Наманган вилоятида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда, мол-мулкларни баҳолаш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари солиқ органларидаги мансабдор танишлари орқали тадбиркорга тегишли бўлган МЧЖнинг 783 млн сўмлик солиқ қарздорлигини 141 млн сўмгача камайтириб бериш эвазига 4400 доллар олган вақтида жиноят устида ушланган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мансабдор таниши ҳисобланган Наманган вилояти солиқ бошқармаси шўба бошлиғи ҳам 4400 долларни пора сифатида олган вақтида қўлга тушган.
Тошкент шаҳрида қайд этилган ҳолатда, Миробод туман ҳокимлиги Ижтимоий мослаштириш маркази раҳбари ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик паспортини расмийлаштириш ҳамда доимий рўйхатга қўйдириб бериш эвазига 1200 доллар олган вақтида ушланган.
Қашқадарё вилоятида кузатилган қонунбузилиш ҳолатида, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими давлат ижрочиси ўз иш юритувида бўлган, жавобгар фуқаронинг қарийб 70 млн сўмлик қарздорлигини ундириш учун унинг автотранспорт воситасига қўйилган тақиқни ечиб бериш эвазига 1000 доллар талаб қилган. У талаб қилинган пулни Қарши туманидаги фермер хўжалик раҳбари воситачилигида пора сифатида олган вақтида ушланган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Наманганда бир неча бор пора олган божхона инспектори ҳам қўлга тушганди. У пулларни қариндошига тегишли банк пластик карталарига ўтказиб олган. Андижон ва Сурхондарёда Солиқ бошқармалари бош инспекторлари пора талаб қилгани учун қамоққа олинганди.
Изоҳ (0)