Молдова парламенти Россиянинг янгиликлар ва таҳлилий теледастурлари трансляциясини чеклашга қаратилган қонун лойиҳасини тасдиқлади. «Коммерсантъ» хабарига кўра, қонун лойиҳаси парламент йиғилишида қатнашган 87 депутатнинг 61 нафари томонидан маъқулланган.
Мазкур ташаббусга Молдова Социалистлар партияси аъзолари, шунингдек, Коммунистлар партияси фракцияси қарши чиққан — коммунистлар бу қонун лойиҳасига норозилик белгиси сифатида йиғилишни намойишкорона тарк этган.
Қонун лойиҳаси муаллифи Сергей Сирбунинг сўзларига кўра, ҳужжат «давлатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш механизмларини жорий этиш»ни назарда тутади. «Қонун лойиҳаси хориждан туриб амалга ошириладиган тарғибот ва манипуляцияга қарши курашга йўналтирилган», — дейди депутат.
Сирбунинг қайд этишича, бу қонун лойиҳаси хорижий телеканалларнинг кўнгилочар ва бошқа дастурларини ретрансляция қилишга ҳеч қандай дахл қилмайди.
Қайд этиш жоиз, Молдова президенти Игорь Додон Россия теледастурларини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаш ниятида эмаслигини 2017 йил июлидаёқ маълум қилиб улгурган эди.
Изоҳ (0)