АҚШ фуқароси Миннесотадаги Саут-Сент-Пол шаҳар полициясига минг доллар пул солинган конвертни юбориб, уни ўзи 30 йил аввал тўқнашиб кетган машина ҳайдовчисига бериб қўйишни сўради, деб ёзади Forum Daily.
Эркак ўз исм-шарифини ошкор қилмаган ва конвертда қабул қилиб олувчининг манзилини ҳам кўрсатмаган. Полиция шефи Билл Мессерич «жуда ҳайратда қолгани»ни айтди.
«Бундай воқеага ҳар куни ҳам дуч келавермайсан. Менимча ўтган 30 йил давомида хат муаллифининг виждони қийналиб юрган ва охир-оқибат, барчасини тузатишга қарор қилган», — деди у.
Хатда айтилишича, муаллиф 1985 ёки 1986 йилда тўхтатиб кетилган машинага урилиб кетган. У бундан афсус билдирган ва полициячилардан машина эгасини топишни сўраган. Агар жабрланувчи топилмаса, пулни полиция эҳтиёжларига сарфлашни айтган.
Мессерич қўшимча қилишича, полицияда 1985 ва 1986 йилги қайдлар сақланиб қолмаган, шу туфайли пулни муассаса ҳисобига ўтказишади.
Изоҳ (0)