Канада шарқидаги Нью-Брансуик провинциясида қисқичларига Pepsi’нинг логотипи туширилган қисқичбақа қўлга олинди. Балиқчи Карисса Линдстранднинг сўзларига кўра, у татуировкага ўхшаш суратни тезда таниб олган, деб хабар берди TJournal.
Линдстранд тўрт йилдан ортиқроқ вақтдан буён қисқичбақаларни тутиш ва уларни Нью-Йоркка жўнатиш билан шуғулланади. Балиқчининг айтишича, у шу вақтга қадар ҳеч қачон танасига сурат туширилган жонзотни кўрмаган, шу сабабли «топилма» ҳақида Facebook’даги дўстларига маълум қилган.
Тармоқ фойдаланувчилари ва балиқчининг ўзи қисқичда пайдо бўлган сурат ҳақида ўзларининг бир нечта тахминларини келтириб ўтди. Уларнинг фикрича, бўғимоёқлининг қисқичи юмшоқ бўлганида унга океанга ташлаб юборилган темир банка тиқилиб қолган. Бошқаларнинг ёзишича, Pepsi логотипи қутига бўёқ ёрдамида чизилган ва у денгиз жонзотининг қўлига босилганида «акси» қолган.
Линдстранд аввалига ушбу қисқичбақани сақлаб қолишни истаган, бироқ кейинроқ адашиб кетиб уни ҳам АҚШга жўнатиладиган қутилар ичига солиб юборган.
Изоҳ (0)