30 ноябрь куни Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуаси майдончаларида тантанали равишда «Россия ва Ўзбекистон: стратегик шерикликка 25 йил» тарихий-ҳужжатли кўргазмаси очилди, деб ёзади «Nuz.uz».
Очилиш маросими доирасида Россия президентининг чет эллар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи Владимир Чернов Россия президенти Владимир Путиннинг фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти Галина Мельниковага Дўстлик орденини топширди.
Ўзбекистонлик сухандон Россия президентига самимий миннатдорлик сўзларини етказиб қўйишни сўради ва шундай деди: «Бизнинг мамлакатимизда одамлар аҳил ва дўст бўлиб яшайди. Халқимиз бирдам, меҳнатсевар, меҳмондўст ва самимий. Бу мукофот бутун халқимизга тегишли, деб биламан».
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин Галина Мельниковани «халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, халқлар маданиятларини яқинлаштириш ва ўзаро бойитиш бўйича самарали фаолияти учун» Дўстлик ордени билан тақдирлаш тўғрисида фармон имзолаган эди.
Изоҳ (0)