Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилди.
Фармонга келтирилган шарҳларда айтилишича, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили, аҳоли билан очиқ мулоқот натижаларини умумлаштириш қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлигидан далолат бермоқда. Ушбу ҳолатлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, аҳолининг асосли эътирозига, унинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва суднинг холислигига ишончи пасайишига олиб келмоқда. Шу муносабат билан мазкур фармон қабул қилинди.
Фармондан кўзланган асосий мақсади суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштириш, қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларнинг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлашдан иборатдир.
Фармон билан Жиноят-процессуал кодексида тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардан ташқари, судларда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш тақиқланмоқда. Процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг кўрсатувлари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, аудио ва видеоёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги таъкидланди.
Қонунчиликда мавжуд бўшлиқни ҳисобга олган ҳолда, шахсни ноқонуний ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукм қилишга сабаб бўлган, ҳужжатлар ва ашёларга била туриб ёлғон маълумотлар ва бошқа бузиб кўрсатилган ҳолатларни киритиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатмалар беришга мажбурлаш, иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни бузиб кўрсатиш орқали далилларни қалбакилаштирганлик учун жиноий жавобгарлик киритилмоқда. Шунингдек, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Бундан ташқари, сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ушланган шахсга тегишли ваколатли органга келтирилган вақтдан бошлаб 72 соат ичида мазкур эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажрим устидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Қийноққа солганлик ҳақидаги аризаларни ўз вақтида ва холисона кўриб чиқиш мақсадида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган услублар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатларни прокуратура органлари ёки суд томонидан мажбурий текшириш киритилмоқда. Текшириш ўтказишда тиббий экспертиза тайинланиши шарт.
Асосий процессуал ҳаракатларни мажбурий видео қайд этиш далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга қаратилган муҳим янгиликлардан ҳисобланади. Ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, шунингдек, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва тергов эксперименти бундай ҳаракатларга киритилди.
Озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўташ тартибини бузганлик учун маҳкумларга интизомий жазо чораси қўлланилишининг қонунийлиги прокурор текшируви билан қамраб олинади. Бу маҳкумлар томонидан қоидабузарлик содир этилганлиги баҳонаси билан озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлиши мумкин бўлган суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш имконини беради.
Қайд этилганлардан ташқари, ваколатли органларга ташкилий характердаги қатор топшириқлар берилмоқда. Хусусан, тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойларида видеокузатув воситаларини ўрнатиш топширилган.
Илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида қонунчиликни ҳамда жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш услубиётини янада такомиллаштириш, суд-тергов фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, жиноят иши бўйича иш юритувни, жумладан «Электрон жиноят иши» тизимини жорий этиш орқали оптималлаштириш ва соддалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Изоҳ (0)