АҚШ 30 сентябрда ниҳоясига етган 2017-молиявий йилда бошқа мамлакатларга 41,93 миллиард долларлик қурол сотган. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазирлигининг мудофаага оид ҳамкорлик ва хавфсизлик бўйича бошқармаси маълумотларига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«6,04 миллиард долларлик шартномалар АҚШ давлат департаменти, 3,87 миллиард долларлик келишувлар эса мудофаа вазирлиги тузилмалари томонидан ҳарбий ёрдам кўрсатиш дастури доирасида молиялаштирилган. 32,02 миллиард долларлик шартномалар эса бизнинг хорижий шерикларимиз томонидан тўланган», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бу рақамлар Американинг ҳарбий маҳсулотлари ва хизматларига талабнинг ортиб бораётганини кўрсатади.
«АҚШ бошқа мамлакатларга мудофаа қуроллари сотиш, мазкур соҳада хизмат кўрсатиш, шунингдек уларнинг ҳарбий хизматчиларини ўқитиш орқали ўзининг ташқи сиёсий ва миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадларини амалга оширмоқда», — дейилади бошқарма баённомасида.
Изоҳ (0)