Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги Техника касб-ҳунар коллежининг икки ўқувчиси ўзаро жанжаллашган, оқибатда ўқувчилардан бири тан жароҳати олган. Бу ҳақда UZ24 хабар бермоқда.
16 ноябрь, пайшанба куни соат 8:00 атрофида коллежи ўқувчиси, 2001 йилда туғилган М.А. таниши, шу коллежнинг 1-босқич ўқувчиси, 2001 йилда туғилган Ш.С. билан ўзаро жанжаллашган.
М.А. коллеждошини урган. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббий маркази маълумотномасига кўра, Ш.С. «соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил» тан жароҳати олган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, терговни Тошкент вилояти ИИБ томонидан олиб борилмоқда.
Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан айбдор деб топилган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)