Россияликларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи (68 фоиз) хоккейчи Александр Овечкиннинг мамлакат амалдаги президенти тарафдорларининг Putin Team («Путин жамоаси») ҳаракатини тузиш ташаббусини қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда Бутунроссия жамоат фикрини ўрганиш маркази ҳисоботида маълум қилинди, дея хабар беради «Ведомости».
Овечкиннинг фикри маъқул бўлганлар орасида 45 дан 59 ёшгача бўлган кишилар (73 фоиз) ва пенсионерлар (72 фоиз), шунингдек, кичик шаҳарлар (70 фоиз) ва чекка қишлоқ аҳолиси (71 фоиз) улуши юқори бўлди.
Putin Team ташаббусига қаршилар улуши айниқса Москва ва Санкт-Петербургда кўп — 12 фоиз. Бу мамлакат бўйлаб ўртача кўрсаткичдан икки баробар ошиқ.
Россияликларнинг 22 фоизи Putin Team тузилишига бефарқ эканлигини тан олди. Бундай кишилар улуши айниқса 25-34 ёшлилар орасида кўп (30 фоиз).
Шуниси ҳам борки, марказ ҳисоботида россияликларнинг аксарияти (83 фоиз) Putin Team тузилгани ҳақида умуман маълумотга эга эмаслиги қайд этилган.
Александр Овечкин Россия президентини қўллаб-қувватловчи Putin Team жамоатчилик ҳаракати яратилиши ҳақида 2 ноябрь куни эълон қилди. Кейинчалик шахматчи Сергей Карякин, хоккейчи Евгений Малкин ва баскетбол мураббийси Евгений Гомельский унга қўшилишларини маълум қилди.
Изоҳ (0)