Саудия Арабистони ҳукумати коррупцияда гумон қилиниб ҳибсга олинган қироллик оиласи аъзолари ва бизнесменлар билан музокаралар олиб бориб, уларга озодлик эвазига ўз мулкининг бир қисмини давлатга кўчириб ўтказишни таклиф қилмоқда, деб ёзади «Коммерсантъ» Financial Times’га таяниб.
Шу тариқа, ҳукумат «юз миллиардлаб долларни тугаб битган давлат хазинасига йўналтириш»га умид қилмоқда, деб ёзади нашр.
FT манбалари айтиб беришича, кўпчилиги Ritz-Carlton меҳмонхонасига жойлаштирилган гумонланувчиларнинг баъзилари ҳукумат билан келишишга тайёр.
Қўлга олинган миллиардерлардан бирига ўз мол-мулкининг 70 фоизини давлатга ўтказиш таклиф қилинган эди ва бизнесменнинг маслаҳатчиси сўзларига кўра, у рози бўлишга мойиллик билдирмоқда. Ҳибсга олинганларнинг барчасига ўз активларини давлатга топшириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, келишув валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ал Саудга содиқликка онт ичишни ҳам ўз ичига олиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Саудия Арабистонининг меросхўр шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон бошчилигида 4 ноябрда тузилган коррупция билан кураш қўмитаси бошқарувчи оиланинг 11 нафар шаҳзодаси ва қиролликнинг амалдаги ҳукуматидаги тўрт нафар вазирни ҳибсга олишга фармойиш берган эди.
Изоҳ (0)