АҚШ 15 ноябрь, чоршанба куни коинотга ўзининг биринчи янги авлод метеорологик сунъий йўлдошини учиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда NASA’га таяниб, «ТАСС» хабар берди.
JPSS-1 қурилмаси ўрнатилган Delta II ракета ташувчиси АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Ванденбергдаги базасида маҳаллий вақт билан соат 01:47 да учирилади. Ушбу сунъий йўлдош Ерни масофадан туриб зондлаш, шунингдек, Жаҳон океани ва атмосферани кузатиш учун мўлжалланган.
Америкалик мутахассисларнинг таъкидлашича, космик аппаратга ўрнатилган бешта илмий қурилмалар об-ҳаво маълумотларини сезиларли даражада аниқроқ олишга хизмат қилади. Сунъий йўлдош поляр орбитага ўрнашиб, Ердан 824 километр узоқликда суткасига унинг атрофида 14 марта айланишни амалга оширади.
JPSS-1 сунъий йўлдоши умумий миқдорда Американинг бешта компанияси томонидан яратилган бўлиб, унинг эксплуатацияси етти йилни ташкил этиши лозим. Учиришни United Launch Alliance компанияси амалга оширади, у ўз вақтида Boeing ва Lockheed Martin корпорациялари томонидан асос солинган қўшма корхона ҳисобланади.
Изоҳ (0)