Африка иттифоқи Зимбабведаги вазиятдан хавотирдалигини билдириб, мамлакатда конституцион тизимни тиклашга чақирди. Бу ҳақда Гвинея президенти, ташкилот раиси вазифасини бажараётган Альфа Конде баёнот берди, деб хабар қилади «РИА Новости».
Аввалроқ ҳарбий хизматчилар гуруҳи Хараредаги Зимбабве давлат телерадиокомпанияси биносини ўз назорати остига олгани хабар берилган эди. Қуролланган аскарлар шаҳар марказини ҳам эгаллаб олди, у ерда портлашлар овозлари эшитилди. Отишмалар товушлари мамлакатнинг 93 ёшли президенти Роберт Мугабенинг қароргоҳи яқинидан ҳам эшитилган.
Аммо бир муддатдан сўнг Зимбабве ҳарбийлари давлат тўнтариши ҳақидаги миш-мишларни рад этди.
БМТ Зимбабведаги вазиятни кузатаётганини маълум қилди.
Шунингдек, президент Роберт Мугабенинг рафиқаси Грейс Намибияга қочгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
«Африка иттифоқи мавжуд қатъият билан давлат тўнтаришига ўхшаш хатти-ҳаракатларни қоралайди ва мамлакатнинг қонуний органларини қўллаб-қувватлашини билдиради», — дейилади Гвинея президенти тарқатган коммюникеда.
Шунингдек, у Зимбабве ҳарбийларини дарҳол конституцион тартибга бўйсунишга ҳамда исённи тўхтатишга чақирди.
Изоҳ (0)