КХДР томонининг Россия президенти Владимир Путинга йўллаган мактубида расмий Пхеньяннинг АҚШга ядровий зарба беришга тайёрлиги ҳақида сўз боради, деб ёзади «Коммерсантъ».
Мактуб Парламентлараро иттифоқнинг октябрь ойида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган йиғилиши доирасида Россия Сенати раҳбари Валентина Матвиенко орқали етказилган.
Хат ҳақида, вазиятдан бохабар манбаларга асосланиб, 11 ноябрь куни «РИА Новости» хабар берди. «Бу мактуб мазмуни АҚШ томонига етказилганидан сўнг, Вашингтоннинг КХДР бўйича нуқтаи назари ўзгарди», — дейди манба.
Ўз навбатида, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Шимолий Корея делегациясининг Путинга етказилган мактуби ҳақида унга ҳеч нарса маълум эмаслигини билдирди.
Қайд этиш жоиз, 16 октябрь куни Матвиенко хоним КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг унга тақдим этилган мурожаатида АҚШ президенти Дональд Трампнинг БМТдаги чиқишига муносабат матни борлигини маълум қилган эди.