Миллий Олимпия Қўмиталари Ассоциациясининг XXII Бош Ассамблеясида Ўзбекистон номидан иштирок этган МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов Прагада Халқаро Антидопинг Агентлиги (WADA) бош директорининг ўринбосари Роб Коехлер билан учрашди, деб ёзди МОҚ матбуот хизмати. Бундан кўзланган мақсад Ўзбекистонда антидопинг агентлигини ташкил этиш масаласини муҳокама қилишдан иборат бўлган.
МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов Прагада олимпия спорт турлари президентлари билан учрашувларни бошлади
Халқаро майдонда ўзбекистонлик спортчиларнинг муваффақияти одат тусига кираётган бир пайтда WADA Ўзбекистонда антидопинг ташкилотини ишга тушириш вақти келганини маълум қилиб, ўзининг икки мутахассисини Тошкентга юборганди. Шу йилнинг 9—10 март кунлари WADA тасарруфидаги минтақавий антидопинг ташкилотлари билан алоқалар бўйича вакил Том Мэй ҳамда менежер Франциско Леон пойтахтда расмий ташриф билан бўлиб, МОҚ ҳамда Спорт Қўмитаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказганди. Бундан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда антидопинг агентлигини ишга тушириш масаласини муҳокама қилиш бўлган.Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 9 март куни Токио—2020 Олимпиадаси ва Паралимпиадасига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш мавзусига бағишланган қарорини эълон қилган бўлиб, дастурдан антидопинг агентлиги масаласи ҳам ўрин олганди.
Ойбек Қосимов билан суҳбат давомида WADA раҳбари Ўзбекистондан амалий ёрдамини аямаслиги ҳақида айтиб, Тошкентга экспертлар ва мутахассислардан иборат комиссия юборишга ваъда берган. Бунда ташриф буюрувчиларнинг миссияси ўзбекистонлик мутахассисларга антидопинг агентлиги ҳақида тўлиқ маълумот бериш ва иш йўлга қўйиб олинишини таъминлашдан иборат бўлади. Натижада ўзбекистонликлар WADA’нинг шу соҳадаги энг кичик ўзгаришларга қадар маълумотга узлуксиз эга бўлиб туради.
Изоҳ (0)