Қирғизистон Бош прокуратураси «Республика — Ота юрт» партияси етакчиси Ўмурбек Бобоновга нисбатан жиноий иш қўзғади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Бош прокуратура ахборотига кўра, жиноий иш «Конституциявий тузумни ағдаришга очиқдан-очиқ даъват этиш» ва «Миллий ва диний адоват қўзғатиш» моддалари бўйича очилган.
Хабар беришларича, Бобонов бу қонунбузарликларни президент сайлови арафасидаги сайловолди ташвиқотида — сайловчилар билан сентябрь ойида бўлиб ўтган учрашувда содир этган.
Бобонов 15 октябрь куни бўлиб ўтган Қирғизистон президенти сайловида президентликка номзод сифатида иштирок этди. У сайловчиларнинг 33,5 фоиз овозини қўлга киритиб, сайловда иккинчи бўлди.
Сайловда номзоди амалдаги президент — Алмазбек Атамбаевнинг жамоаси — Қирғизистон социал-демократик партиясидан илгари сурилган Сўронбой Жеенбеков ғолиб чиқди. У сайловчиларнинг 54 фоиз овозини олди.
Изоҳ (0)