Ироқда эронлик зиёратчиларни олиб кетаётган автобуснинг ағдарилиб кетиши оқибатида камида 30 киши жабрланди. Бу ҳақда, Эрон тез тиббий ёрдам хизмати раҳбари Пир Ҳусайн Куливандга асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Хабар беришларича, автобус салонида 47 йўловчи бўлган. Жабрланган 30 йўловчи тиббий ёрдам хизмати етиб келгач, Эронга олиб кетилган. Жабрланувчиларнинг тўрт нафари нисбатан оғир жароҳат олгани айтилмоқда.
Йўл-транспорт ҳодисаси 3 ноябрь, жума куни оқшомда, Ироқ шарқидаги Бадра шаҳри атрофида юз берган. Теҳрондан йўлга чиққан автобус эронлик зиёратчиларни Ироқнинг Ан-Нажаф шаҳрига олиб кетаётган эди. Бу шаҳар шиалар учун муқаддас ҳисобланади.
Изоҳ (0)