АҚШ президенти Дональд Трамп Жон Кеннеди ўлдирилиши бўйича қатор ҳужжатларни ошкор этиш ҳақидаги меморандумни имзолади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Давлат раҳбари айрим материалларни ошкор этмаслик ҳақидаги қарорини хавфсизлик зарурати билан изоҳлади.
«АҚШ жамоатчилиги ҳукумат президент Жон Кеннеди ўлими бўйича ҳужжатлар билан танишиш имконини яратиб беришини кутмоқда. Улар бу муҳим воқеанинг барча тафсилотларини билишга ҳақли. Шу сабабли ҳужжатлардан махфийлик тамғасини олишга кўрсатма бердим», — дейилади Трамп вазирликларга йўллаган меморандумда.
Миллий архивлар сайтида жами 2891 та ҳужжат жойлаштирилди. Бу материалларнинг навбатдаги туркуми бўлиб, олдингиси 24 июлда чоп этилган ва 3,9 минг ҳужжатдан иборат эди. Яна бир неча минг ҳужжат 2018 йил апрели охирига қадар эълон қилинади.
Тадқиқотчиларга кўра, ҳужжатлар Кеннедининг қотили Ли Харви Освальднинг президентга суиқасддан бир неча ҳафта олдин Мехикога 6 кунлик сафарига тегишли бўлиши мумкин. Мексика пойтахтида Освальд Куба ва СССР агентлари билан учрашган ҳамда МРБнинг маҳаллий резидентураси эътиборига тушганди.
Изоҳ (0)