Тошкент шаҳрида 2017 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида қалбаки пул тайёрлаш билан шуғулланган 19 та гуруҳ аниқланди ва қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Nuz.uz».
Тошхўжаевнинг афсус билан қайд этишича, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда қарийб икки баробар ошган. 2016 йилнинг дастлабки январь—сентябрь ойларида пул қалбакилаштириш билан боғлиқ 9 ҳолат аниқланган эди.
ИИББ вакили жиноятчилар айнан қайси валюталарни қалбакилаштирганига аниқлик киритмади. Бироқ, унинг қайд этишича, миллий валюта — сўмни қалбакилаштириш билан шуғулланган гуруҳлар асосан майда купюраларни сохталаштирган.
«Яқинда интернетда 50 минг сўмлик қалбаки купюра сурати тарқалди. Сизни ишонтириб айтишим мумкинки, бу ҳолат Тошкентда қайд этилмаган. Тошкентда 10 минг ё 50 минг сўмлик купюраларни қалбакилаштириш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган», — деди ИИББ вакили.
Бир муддат Сирдарёда 50 минг сўмлик купюрани қалбакилаштириш билан шуғулланган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)