Гулнора Каримованинг Швейцарияда музлатиб қўйилган 784 миллион доллар миқдоридаги маблағларининг катта қисмини АҚШ ва Нидерландия қўлга киритиши мумкин. Бу ҳақда, Швейцариянинг Le Temps газетасига асосланиб, «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, АҚШ 550 миллион доллар берилишини талаб қилмоқда. Нидерландия даъвогарлик қилаётган маблағ миқдори маълум қилинмаган.
Газета манбаларининг қайд этишича, маблағларни реституция қилиш тўғрисидаги қарор яқин вақт ичида қабул қилиниши мумкин. Ҳозирда бу масала Бернда Швейцария Адлия вазирлиги, Гулнора Каримова иши бўйича тергов олиб бораётган Швейцария прокуратураси, шунингдек, халқаро ишлар бўйича федерал департамент томонидан муҳокама қилинмоқда.
Le Temps маълумотларига кўра, музлатилган бу активлар турли телекоммуникация компанияларидан пора тариқасида олинган.
Швейцария томони Гулнора Каримова иши бўйича 784 миллион доллар қийматидаги активларни июль ойидаёқ ҳибсга олган эди. Август ойида Ўзбекистон томони Россиядан Москва шаҳридаги бир неча хонадон, Рубльёвкадаги ҳашаматли уй ва «Камелот» турар жой мажмуасидаги экспертлар ҳисоб-китоби бўйича қиймати 4,5 миллион долларга тенг квартирани ҳибс этишни сўраган эди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси июль ойида Гулнора Каримовага нисбатан 2013 йилда қўзғатилган иккита жиноят иш ҳақида ахборот берган эди.
Изоҳ (0)