Янги Зеландияда автобусда саёҳат қилаётган аёлнинг чамадонидан икки ёшли қизча топилди. Бу ҳақда маҳаллий полицияга таяниб, BBC хабар берди.

Ҳодиса 3 август куни Каивака қишлоғидаги автобус бекатида юз берган. Автобусдаги йўловчилардан бири юкхона бўлимини очишни сўраган. Ҳайдовчи шу пайт чамадон ҳаракатланаётганини пайқаган. Воқеа жойига полиция ходимлари чақирилган.
Ҳайдовчи чамадоннинг қимирлаб турганини сезиб, хавотирга тушган. Чамадонни очганда, унда икки ёшли қизча борлиги аниқланган, деди Янги Зеландия полицияси.
27 ёшли аёл ҳибсга олинган, у болага нисбатан шафқатсизлик ва эътиборсизликда айбланмоқда. Қизча зудлик билан шифохонага олиб кетилган, у тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Полиция аёл ва бола ўртасидаги қариндошлик ёки алоқалар ҳақида маълумот бермаган.
Автобус ҳайдовчиси ҳолатни ўз вақтида илғаб, тезкор ҳаракат қилгани билан эҳтимолий оғир оқибатларнинг олдини олди. Биз унга миннатдорлик билдирамиз, дейилади полиция баёнотида.
Изоҳ (0)