Жорий йил 1 август куни Буюк Британияда Том Ҳолланд бош ролни ижро этаётган “Ўргимчак одам: Янги кун” фильмининг суратга олиш ишларига старт берилди. Премьера 2026 йил 31 июлга белгиланган. Ушбу лойиҳа Marvel студияси томонидан яқин 12 ой ичида катта экранларга чиқадиган ягона блокбастер бўлади.

Фильмни суратга олиш ишлари Глазгоуда бошланди. Бу жой фильмда Нью Йорк шаҳри сифатида кўрсатилади. Очиқ майдонлардаги тасвирга олиш ишлари август ўрталаригача давом этади. Шундан сўнг суратга олиш гуруҳи ёпиқ павильонларга кўчади. Бу ҳақда таниқли инсайдер Дениел Рихтман хабар берди. Унинг маълумотига кўра, биринчи иш кунидаёқ йирик жанг саҳнасини олиш режалаштирилган. Унда Ўргимчак одам ва Жазоловчи (Punisher) юк машиналари кортежи учун кураш олиб боради.
Фильмнинг илк тизери
GQ’нинг Британиядаги нашрига берган интервьюсида Том Ҳолланд суратга олиш ишларга аллақачон тайёрланаётганини ва студияда каскадёрлик ҳаракатларини машқ қилаётганини айтди. Шунингдек, у 2027 йилда қисқа ижодий танаффус олиши мумкинлигини қўшимча қилди:
“2026 йилда мен жуда банд бўламан. Шу боис, 2027 йилда бир оз дам олишни режалаштирганман. Кўрамиз, барчасига вақт ҳакам”, деди актёр.
Фильмнинг сюжети ҳозирча сир сақланмоқда. Бироқ инсайдерларга кўра, унда бир нечта салбий қаҳрамонлар, жумладан, “Янги кун” (Brand New Day) комикслар сериясидан жаноб Негатив (Mr. Negative) пайдо бўлади. Шунингдек, “Жуда ғалати ишлар” (Stranger Things) сериали юлдузи Седи Синк ҳам фильмда иштирок этади. Аммо у қайси образни гавдалантириши ҳозирча ошкор этилмаган.
Изоҳ (0)