Мексикадаги иккита муниципалитетнинг мэрлари 20 октябрь, жума куни жиноятчиларнинг ҳужум объектига айланди, улардан бири ҳалок бўлган, иккинчиси эса жароҳат олган, деб хабар берди «РИА Новости».
Колима штатининг бош прокуратурасининг маълумотларига кўра, Икстлауакан муниципалитетининг мэри Криспин Гутьеррес Морено ҳалок бўлган. «У жума куни эрталаб Мансанильо — Гвадалахара шоссесида вафот этди», — дейилади идоранинг Twitter’даги саҳифасида. Жиноятчилар мэрга машина бошқариб кетаётганида ҳужум қилишган.
Шунингдек, 20 октябрь куни қуролланган безорилар гуруҳи Мичоакан штатининг Коалкоман муниципалитети раҳбарига ҳам ҳужум уюштиришган. Хосе Мисаэль Гонсалеснинг кўкрагига ўқ теккан ва у шифохонага етказилган. Ҳозирда унинг аҳволи барқарор. Мичоакан Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ҳужум уюштирганларни қўлга олиш операциялари бошланганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 6 октябрь куни Мичоакан штатидаги Парачо шаҳрининг мэри Сталин Санчес Гонсалес ҳам номаълум кимсалар томонидан Мексикада отиб кетилганди.
Изоҳ (0)