Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 18 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Вазир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий қутлови ва ҳурматини Эрон президенти ва халқига етказди», — дейилади вазирлик ахборотида.
Мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг 2017 йил 11 сентябрида Остона шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви ва музокаралари Ўзбекистон—Эрон муносабатларини кенгайтиришнинг йўналишларини аниқлаш имконини берди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақа сиёсатига доир масалалар юзасидан фикр алмашилган.
Изоҳ (0)