Одесса вилояти собиқ губернатори Михаил Саакашвили 17 октябрь куни Олий Рада биноси олдида бўлиб ўтган намойиш давомида Украина президенти Пётр Порошенконинг истеъфосини талаб қилди, дея хабар бермоқда Meduza.
«Порошенко бор экан, тараққиёт ҳам, коррупцияга қарши кураш ҳам бўлмайди. Порошенко бор экан, қашшоқлик ҳукмрон бўлади... Мен киевликларни ишдан сўнг сафимизга қўшилишга чақираман. Порошенко ўз лавозимини тарк этиш ҳақида ўйлаб кўриши керак», — деди Саакашвили.
Полиция ҳисоб-китобига кўра, Олий Рада биноси олдидаги норозилик намойишида олти мингга яқин одам қатнашмоқда. Улар депутатлар дахлсизлигини бекор қилиш, сайлов қонунчилигини ўзгартириш ва аксилкоррупциявий суд тузишни талаб қилмоқда.
Украина парламенти спикери Андрей Парубий мажлис вақтида халқ вакиллари томонидан депутатлар дахсизлигини бекор қилиш ва сайлов тизимни ўзгартириш ҳақидаги қонун лойиҳалари кўриб чиқилишига ваъда берди.
Михаил Саакашвили 2015—2016 йилларда Украинанинг Одесса вилоятига губернаторлик қилган. У Пётр Порошенко билан келиша олмай қолгани сабаб, губернаторликдан олинган, Украинани тарк этган ва якунда Украина фуқаролигидан маҳрум этилган эди.
2017 йил сентябри бошида Саакашвили Украинага қайтди: у ўз тарафдорлари қуршовида Украинанинг Польша билан чегарасини кесиб ўтди.
Изоҳ (0)