Швейцария ва француз археологлари Саккарадаги «эҳромлар водийси»да қадимги подшоҳликнинг сўнгги фиръавнларидан бири Пепи II онасининг қабрини безаган олтин учлик — пирамидионни топди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Биз бу тошни фиръавн Пепи I эҳромидан шимолда, унинг турмуш ўртоғи, қадимги Миср ҳукмдорларининг олтинчи сулоласи вакили Пепи II онаси малика Анкхнеспепи I эҳроми бўлиши тахмин қилинган жойда аниқладик. Шу пайтгача бизда бундай пирамидионни топишимиздан дарак берувчи ҳеч қандай аломат йўқ эди», — дейди қазилма ишлари раҳбари Филипп Колломбер.
Пирамидионнинг баландлиги 1,3, узунлиги 1,1 метр бўлиб, тошнинг юқори қисми бузилгани, бироқ асоси ва қуйи қисми яхши сақлангани билдирилмоқда.
Маълумот учун, Мисрда барпо этилган деярли барча эҳромлар чўққиси олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар қопланган махсус тош — пирамидион билан безатилгани туфайли ўнлаб километр узоқдан кўриниб турган.
Изоҳ (0)