Америкалик социологлар АҚШ фуқаролари нимадан кўпроқ қўрқишларини аниқлади. Тадқиқот натижалари Чемпен университетининг сайтида эълон қилинди, деб хабар берди «РИА Новости».
Ижтимоий сўровда турли штатлардан бўлган 1207 нафар респондент иштирок этди. Уларнинг ҳар бирига 80 та «потенциал қўрқинчли» ҳодиса тақдим этилди.
Америкаликлар кўпроқ коррупция ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда пайдо бўлиши мумкин бўлган оқибатлардан қўрқишлари аниқланди — бу ҳақда сўровда иштирок этганларнинг тегишли равишда 74 ва 55 фоизи маълум қилди. Шунингдек, океан ва дарёларнинг ифлосланишидан (53 фоиз) ҳамда ичимлик сувидан заҳарланишдан (50 фоиз) жиддий қўрқишади.
Америкаликларнинг ярми яшаш учун етарли бўлган воситаларсиз қолишдан, ярмидан камроғи эса тиббий хизматлар нархларининг кўтарилиб кетишидан қўрқади. Янги жаҳон урушининг бошланиши ва иқлимнинг фожиали ўзгаришидан сўровда иштирок этганларнинг 48 фоизи қўрқишини маълум қилган. Яна шунча одам КХДР ядровий дастуридан хавфсирамоқда. Биринчи ўнликни ҳавонинг ифлосланишидан қўрқиш якунлаган.
Рейтингдаги сўнгги ўринларни зомбилар, арвоҳлар ва ҳайвонлар эгаллаган. Тирик мурдалар америкаликларнинг 5,4 фоизи, арвоҳлар эса 4,3 фоизинигина қўрқувга солади.
Изоҳ (0)