Москва суди Владимир вилоятида ЙТҲга учраган ўзбекистонлик муҳожирларни олиб киришни ташкиллаштирган фуқаро Байдулла Налтаевни 4 декабрга қадар ҳибсга олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Қозоғистон вакили, гумондор Налтаевга нисбатан 4 декабргача ҳибсга олиш тарзидаги чеклаш чораси кўрилди», — дейилади суд матбуот хизмати берган баёнотда.
Тергов маълумотларига қараганда, Байдулла Налтаев сафарни ташкил қилган ва йўловчиларни қидирган. У ҳар бир чет эл фуқаросини Россияга тегишли ҳужжатларсиз олиб кириш эвазига 5 минг рубль олган.
Унга нисбатан РФ ЖКнинг 238-моддаси 3-банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу банд истеъмолчилар ҳаёти хавфсизлиги ва соғлиғи талабларига жавоб бермайдиган, эҳтиётсизлик туфайли икки ёки ундан ортиқ одамнинг ўлимига олиб келган хизматларни ташкил этишни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, 6 октябрда рўй берган мудҳиш ЙТҲда автобус поезд билан тўқнашиб кетди, бунинг оқибатида автобусда бўлган 58 кишидан 17 нафари, шу жумладан, икки нафар вояга етмаган шахс ҳалок бўлди. Йўловчилар ва қурбонларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари эди.
Изоҳ (0)