Бухоро вилояти Экология бошқармасининг 7 нафар инспектори табиатни муҳофаза қилиш борасидаги жасорати учун “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланди, деб хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

15 июль куни Бухоро вилояти Экология бошқармаси инспекторлари томонидан Пешку туманининг “Сафрон” чўл массивида рейд тадбири ўтказилган. Рейд давомида инспекторлар саксовулфурушларнинг жиддий қаршилигига дуч келган, қонунбузарлар инспекторларга тан жароҳати ҳам етказганди.
Улар, шунингдек, турли совуқ қуроллар (бита, арматура, темир труба) билан бошқарманинг автомашинасини уриб пачоқ қилган ҳамда инспекция бошлиғини ҳар хил ножўя сўзлар билан ҳақоратлаганди.
“Аммо инспекторлар ўз жонини хатарга қўйиб бўлсада ортга чекинмайди ва ҳуқуқбузарликка чек қўйилиб, қатъий чора кўрилади”, дейилади вазирлик хабарида.
Бухоро вилояти Экология бошқармасида 2 август куни ушбу рейдда қатнашган 7 нафар инспектор “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Экология вазирлиги ушбу инспекторларга ўз касбига садоқат, жасорат ва масъулияти учун миннатдорлик билдирди.
Бухорода 2024 йилнинг биргина сентябрь—октябрь ойлари давомида саксовул билан боғлиқ 25 та ҳуқуқбузарлик аниқланганди. Табиатга 29 миллион 702 минг 400 сўм зарар етказилгани ҳисобланган ва 222 миллион 900 минг сўм жарима тайинланган. Ҳуқуқбузарлар жами 252 миллион 602 минг 400 сўм товон тўлаши белгиланган.
Изоҳ (0)