Қирғизистонликлар Қозоғистон билан чегарани тўсиқларсиз кесиб ўтиши зарур. Қирғизистон халқлари ассамблеяси раиси, собиқ бош вазир ўринбосари Тоқон Мамитов шундай фикр билдирди, дея хабар беради K-News.
Мамитовга кўра, Қозоғистон расмийлари икки давлат чегарасидаги вазиятга изоҳ бериши лозим.
«Қозоғистон бош вазири Қирғизистон ва қирғиз халқи билан муносабатларни қадрлашлари ҳақида расман баёнот берди. Бироқ, шундан сўнг негадир қирғиз—қозоқ чегарасида бирданига қийинчиликлар юзага келишни бошлади. Нега шундай бўлаётганига аниқ жавоб берилмади», — деди Мамитов.
Қирғизистон халқлари ассамблеяси раиси муаммо Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг Қозоғистон раҳбарига нисбатан айтиб ўтган фикрлари сабабли келиб чиққан бўлиши мумкинлиги, бироқ икки давлат ҳукуматлари, чегарачилари ёки акимлар икки президент ўртасидаги можарога аралашишга ҳаққи йўқлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Kazakhstan Today Қирғизистон—Қозоғистон чегарасида транспорт ва йўловчиларнинг тирбандлиги Қирғизистон чегара хизмати кучайтирилган тартибда ишлашга ўтгани билан боғлиқлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)