Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича Швейцария билан икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Урунов маълум қилди.

21 июль куни Женевада томонлар Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни доирасида Швейцария билан бозорга кириш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколни имзолади.
“Ўзбекистон ва Швейцария жамоаларига машаққатли ҳамда конструктив меҳнати учун миннатдорчилик билдираман. Узун рўйхат тугади, энди тескари саноқ бошланди”, деб ёзди Урунов LinkedIn’да.
Швейцария Ўзбекистон билан бозорга кириш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколни имзолаган 25-давлат бўлди. Май ойининг охирларида Буюк Британия бу борадаги музокараларни муваффақиятли якунланган 24-давлат бўлганди.
Давлат раҳбарининг алоҳида назорати асосида 2023 йилдан бошлаб ЖСТга аъзо бўлиш чоралари кўрилмоқда. Икки томонлама музокаралар доирасида 33 та мамлакат билан бозорга кириш бўйича музокаралар олиб борилган бўлиб, бугунги кунга қадар 25 таси билан музокаралар якунланди.
Шавкат Мирзиёев 2025 йил май ойида ўтказган йиғилишда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш бўйича топшириқ берганди. Унга кўра, 2025 йилда қолган 8 та мамлакат билан икки томонлама музокараларни якунлаш лозим.
Ўзбекистон 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмоқчи. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов эканлигини таъкидлаганди.
Мамлакатда божхона тартиботлари, экспорт-импорт қоидалари ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги механизмлар босқичма-босқич ЖСТ стандартларига мослаштирилди, давлат улуши мавжуд бўлган 6 та корхонада эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Изоҳ (0)