Германияда 20 июль куни ноодатий автоҳалокат юз берди. Ҳодисада автомобиль йўлдан чиқиб кетиб, 7 ёшли болани уриб юборди ва учиб бориб омборхона томига кириб кетди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Полициянинг маълум қилишича, машина дастлаб йўлда бошқа автомобиль билан тўқнашиб, тўсиқни бузган ҳолда боғга кириб кетган. У ерда эса кичик болани уриб юборган. Кейин машина нотекис ерда ҳаракатланиши сабаб ҳавода катапульта сингари учиб, 3 метр баландликдаги қўшни омборхона томига бориб урилган.
7 ёшли бола оғир жароҳат олгани маълум қилинган. 42 ёшли ҳайдовчи ва унинг рафиқаси ҳам жиддий тан жароҳати олган. Уларнинг 11 ва 12 ёшли икки ўғли ва 13 ёшли йўловчи ҳам машина ичида енгил жароҳатланган.
Воқеага жойига кўплаб ўт ўчирувчилар, ўнлаб тез тиббий ёрдам машиналари ва иккита қутқарув вертолёти жалб қилинган. Ҳодиса жойидан олинган суратларда қутқарувчилар томни бузиб, машинани чиқариб олишга ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин. Машина томдан кран ёрдамида туширилиб, полиция томонидан олиб кетилган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)