«Россия энергетика ҳафталиги — 2017» халқаро форумидаги нутқида Путиндан ўзининг Илон Маскнинг элекромобилини ҳайдаётганини тасаввур қила олиш-олмаслиги ҳақида сўрашди, деб ёзади TJournal. Президент «Нима учун тасаввур қила олмас эканман?» деб жавоб берди ва Япония ва Америкада ишлаб чиқарилган шунга ўхшаш автомобилларни миниб кўрганини ва улар унга ёққанини айтди.
Аммо сўнг Путин машиналар учун электр энергияси истиқболларига шубҳа билдирди ва газни «қизиқроқ ёқилғи» деб ҳисоблашини айтди. Унинг сўзларига кўра, электромобилларда ишлатиладиган электр токини ишлаб чиқариш учун барибир дастлабки манба керак бўлади, «бугун эса биринчи рақамли бундай манба нефть ҳам эмас, балки кўмир ҳисобланади».
Путиннинг фикрича, газ моторли автомобиллар «электромобилларга нисбатан экологикроқдир». У агар газ автомобиль транспортида тўғридан-тўғри ишлатилса, «умуман олганда бу шунчаки электромобилдан кўра яшилроқ энергетика» бўлишини айтди.
Журналистлар Путиннинг гапларини текшириб кўрди ва кўмир ҳақиқатан ҳам электр станциялар учун дунёдаги энг оммабоп ёқилғи эканлигини аниқлади. Аммо журналистлар таъкидлашича, нефть электр станциялар учун ёқилғи сифатида деярли қўлланилмайди.
Шунингдек, Путин газ ёқилғиси «шунчаки электромобилдан кўра экологикроқ» деб адашди. АҚШ энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, газ бензиндан бор-йўғи 6—11 фоизгагина экологикроқ.
Изоҳ (0)