АҚШда бир аёлга нисбатан куч ишлатилиб, у Southwest Airlines авиакомпаниясининг самолётидан олиб чиқилди. Бунга аёлнинг кучукларга аллергияси борлигини айтгани сабаб бўлган. Кўнгилсиз ҳодиса ҳақида LA Times’га таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Мэриленд санъат институтининг 46 ёшли профессори Анила Даулатзаи Балтимордан Лос-Анжелесга учадиган самолёт борти иккита кучук борлигини билгач, ҳайвонларни самолётдан чиқариб ташлашларини талаб қилган.
Экипаж аъзолари Даулатзаидан аллергияси борлигини тасдиқловчи маълумотномани кўрсатишини сўраган, бироқ унда бу каби ҳужжат бўлмаган. Шунда аёлга самолётни тарк этишини таклиф қилишган, аммо у бош тортган. Оқибатда можарога полиция аралашган.
Самолётнинг 61 ёшли йўловчиси Билл Думас аёлни куч ишлатган ҳолда самолётдан олиб чиқилаётганини видеога олган. Аёл полициячилардан ўзига тегинмасликларини талаб қилган ва отаси операция қилиниши лозимлигиниа айтган. Даулатзаи полициячиларнинг талабини бажармагач, унга нисбатан куч ишлатилган.
LA Times’нинг маълумотларига кўра, Даулатзаига нисбатан полицияга бўйсунмаслик ва жамоат тартибини бузиш айбловлари эълон қилинган.
Видео муаллифининг сўзларига кўра, полициячилар ўзини жуда асабий тутган, бироқ аёл «уларга бошқа имкон қолдирмаган». Ижтимоий тармоқларнинг кўплаб фойдаланувчилари унинг фикрига қўшилган.
Southwest Airlines авиакомпанияси тартиб-қоидаларига кўра, агарда йўловчи аллергияси борлиги ҳақида аввалроқ маълум қилса, у ҳайвонлардан иложи борича узоқроқ жойга ўтқизилади.
Изоҳ (0)