Туркия хавфсизлик кучлари мамлакатнинг 45 та вилоятида Туркия Қуролли кучларининг 117 нафар офицерини қўлга олиш операцияларини амалга оширмоқда. Улар мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гюленга (FETO) алоқаси борликда гумонланиб қўлга олинган. Бу ҳақда НТВ телеканалига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Ҳибсга олиш ордерини тақдим этган Измир прокуратурасининг тахминларига кўра, офицерлар юқори даражали FETO аъзолари билан ҳимояланган алоқа каналлари орқали яширин музокаралар ўтказган.
Исёнчилар гуруҳи 2016 йилнинг 16 июль кечаси Туркияда ҳарбий тўнтаришни амалга оширишда иштирок этган. Асосий қарама-қаршиликлар Анқара ва Истанбулда содир бўлган. Бунинг оқибатида 240 дан ортиқ турк фуқаролари ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ инсон жароҳат олган. Исёндан кейин 50 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган, 140 минг давлат идоралари ходимлари вазифасидан бўшатилган ёки четлатилган.
Туркия ҳукумати FETO’ни ушбу тўнтаришга алоқаси борликда айблаган. АҚШда истиқомат қилаётган Гюленнинг ўзи айбловни рад этган.
Изоҳ (0)