Тошкентда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги ҳамда мамлакатда корейс миллатига мансуб юртдошлар яшай бошлаганининг 80 йиллиги муносабати билан ташкил этилган фестиваль бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Маданият анжумани пойтахтнинг «Зарқайнар» мажмуасида корейс миллий либослари намойишидан бошланди. Тадбирда мамлакатдаги дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, вазирлик ва идоралар, маданият ва санъат ихлосмандлари, ёш ижодкорлар, дизайнерлар ва рангтасвир усталари иштирок этди.
Модалар тақдимоти дизайнер Жун Хо Кан томонидан яратилган анъанавий либослар намойиши билан бошланди. Мазкур либослар миллий ва замонавий андозалар уйғунлигини ўзида акс эттиргани билан ажралиб турди.
Тинчлик ва дўстлик, инсон ва табиат, ўтмиш ва бугун, эзгулик, гўзаллик тараннуми сифатида янграган корейс миллий куй-қўшиқлари томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Фестиваль доирасида корейс халқининг бой тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қиладиган ранг-баранг тақдимотлар, модалар намойиши, кино кечалари, қўшиқчилик ва рақс санъати байрамлари ташкил этилади.
Изоҳ (0)