«Ювентус» футбол клуби президенти Андреа Аньелли чипта савдосидаги фирибгарлиги учун 1 йилга футболдан четлатилди. Бу қарор Италия футбол федерацияси томонидан қабул қилинди.
Мамлакат прокуратураси Андреа Аньеллини чипталар сотувидаги қонунбузарлик ҳамда уларнинг олибсотарлар қўлига чиқиб кетишида айбдор ҳисоблаганди. Шундан келиб чиқиб, прокуратура «Ювентус» президенти 2,5 йил футболдан четда бўлиши кераклиги, шунингдек, 50 минг евро миқдорида жарима ҳам тўлаши шарт эканини талаб қилганди. «Ювентус»нинг ўзи эса 300 минг евро жарима ва 2 та беллашувни мухлисларсиз стадионда ўтказишга тайёрланиши кўзда тутилганди.
Италия футбол федерацияси ўз қарори билан 1 йиллик четлатишни етарли деб ҳисоблади. Маҳаллий ОАВ 50 минг евро ҳақида айтмаган. Бироқ «Ювентус» клуби 300 минг евро тўлаб беради. Мухлисларсиз стадион борасида ҳам бирор гап айтилмаган.
Андреа Аньелли яқиндагина Европа клублари ассоциацияси президентлигини Карл-Хайнц Руммениггедан қабул қилиб олганди. Мазкур ташкилотдаги унинг келгуси фаолияти қандай бўлиши борасида аниқ маълумотлар йўқ.
Анелли 2010 йилнинг 19 май куни «Ювентус» тепасига келганди.
Изоҳ (0)